Урумчидаги қадимий бош суяклари кўргазмаси хитойлик экспертларни боши берк кўчага киритиб қўйди. Кўргазмадаги барча 68 та одам боши суягида келиб чиқиши номаълум бўлган тешикни – “учинчи кўзни” кўриш мумкин. Археологлар бу тешикларнинг келиб чиқиши борасида турлича фикрлар билдирмоқдалар.

Барча бош суяклари 1986-1989 йиллар давомида Синьцзяндаги қазув ишларида топилган, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. Бош суякларнинг ёши 2200-2800 йил деб баҳоланмоқда.

Олимлар криминалистларга ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқчи, эҳтимол улар бош суяклардаги бу шикастланишларнинг келиб чиқишини аниқлашга муваффақ бўлишар.
Ҳозирча эса олимлар бош суяклардаги тешиклар Хитойнинг шимоли-ғарбида яшаган турли жанговор қабилалар ўртасидаги жангларда олинган жароҳатларнинг излари деб тахмин қилмоқдалар.

Бошқалар эса бу тешик Синьцзянда яшаган аҳолининг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилган жарроҳликнинг излари деб ҳисобламоқдалар. Улар бунга мисол қилиб узоқ ўтмишда ацтеклар ва Жанубий Американинг баъзи халқлари амалга оширган операцияларни келтирмоқдалар. Бундай операциялардан кейин одамлар ҳеч нарса бўлмагандек яшашда давом этаверишган.

Бундан ташқари, бош суягининг маросимий очилиши ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиб, унга кўра тибетлик роҳиблар “учинчи кўзни” очиш мақсадида уни ўзига хос технология бўйича очганлар.

Ҳозирда ҳам “учинчи кўз” билан боғлиқ турли тажрибалар учраб турмоқда ва улар ҳар доим ҳам бешикаст ўтмайди. АҚШлик рассом Ваф Билол ўзининг энса қисмига ўрнатган камерасидан воз кечишга тўғри келган – шунчаки унинг организми “учинчи кўз”ни қабул қилмаган.