12 сентябрда Вашингтондаги Boeing Everett заводида Япониянинг All Nippon Airways авиакомпанияси ўзининг янги Boeing-787 “Dreamliner” самолётини намойиш қилди. Унинг бўялиши “R2-D2 ANA JET” номини олди.

Ушбу самолёт All Nippon Airways ва Disney ўртасида “Star Wars” (“Юлдузлар жанги”) брендини оммалаштириш бўйича тузилган 5 йиллик шартноманинг натижаси бўлди.

Намойиш қилинган Boeing-787 “Dreamliner” самолёти “Юлдузлар жанги” услубида бўялган илк самолёт бўлди. Авиакомпания шундай самолётдан яна иккитасини чиқаради.

Самолёт “Юлдузлар жанги” услубида бўялганидан ташқари, шартномада самолётдаги идишлар ва интерьернинг баъзи жиҳозлари ҳам “Юлдузлар жанги” услубида ишланиши кўзда тутилган. Шунингдек, бортдаги кўнгилочар тизимда ҳам ушбу фильмнинг 6та қисми намойиш қилинади.

Кейинги Boeing 777-300 самолёти “Юлдузлар жанги”даги янги дроид шарафига “BB-8 ANA JET” номини олади. Учинчи Boeing 767-300 “Star Wars” номини олади.

Компания баёнотида айтилишича, “Юлдузлар жанги” услубида ишланган илк “R2-D2 ANA JET” самолёти 18 октябрда Токиодан Ванкуверга илк парвозини амалга оширади. Бу самолёт, шунингдек, АҚШ, Европа, Индонезия, Хитой ва Австралия йўналишларида ҳам фаолият юритади. “BB-8 ANA JET” эса 2016 йилнинг март ойидан Япониядан АҚШга парвозлар амалга ошира бошлайди.

Самолёт тақдимоти Жон Уильямснинг фильм учун ёзилган “Star Wars Main Theme” мусиқа садолари остида бўлиб ўтди.