Ўтган ҳафта Японияда тинимсиз ёмғирлар ва улар келтириб чиқарган сув тошқинлари сабабли қурбон бўлганлар сони 7 нафарга етди, дея хабар қилди полиция бош бошқармаси.

Бундан аввалроқ эса сув тошқинлари сабабли 5 кишининг ҳалок бўлгани, 26 кишининг эса бедарак йўқолгани хабар қилинган эди.

Ибараки, Мияги ва Тотиги префектураларида етти киши ҳалок бўлди. Ўтган ҳафтадаги шаррос ёмғирлар натижасида 10та префектурада 42 киши турли даражада тан жароҳати олди.

Ўтган ҳафтада Хонсю ороли шарқи ва шимоли-шарқида атмосфера фронти келтириб чиқарган жалалар натижасида бир қанча шаҳарларда тўғонлар бузилиб, аҳоли туманлари сув остида қолган. Метеорология бошқармаси Ибараки, Тотиги ва Мияги префектураларида “асосий хавф” тартибини эълон қилди. Айниқса, Ибараки префектурасидаги Дзёсо шаҳри ва Мияги префектурасидаги Осаки шаҳарлари энг кўп талофат кўрган. Табиий офат натижасида 2 киши ҳалок бўлган, 15 фуқаро бедарак йўқолган дея эълон қилинди. 32 квадрат километр майдондаги 11 мингдан зиёд хонадонлар сув остида қолган.

Табиий офатга Япон денгизидаги “Этау” ва Хонсю ороли шарқидаги “Кило” тўфонлари келтириб чиқарган паст атмосфера босими сабаб бўлгани айтилмоқда.