Аввал хабар қилинганидек, ҳаж зиёратчиларимизнинг Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги сафарлари муваффақиятли давом этмоқда. Бугунги кунда Саудия Арабистонига етиб келган 4760 нафар юртдошларимиз мусулмонлар учун муқаддас бўлган маконларда бўлиб, ҳаяжонли таассуротларга тўлиб-тошмоқдалар.

Жумладан, Макка шаҳрида зиёратчиларимиз “Аброж ал-Муҳаммадия” меҳмонхонасига жойлашганлар. Бу ерда улар учун қулай шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Хоналар кондиционер, музлатгич, телевизор билан жиҳозланган. Алоҳида ювиниш хоналари мавжуд.
Меҳмонхонада эркаклар ва аёллар учун биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, профилактик муолажа ўтказиш учун зарур воситалар билан тўла жиҳозланган тиббиёт марказлари фаолият кўрсатмоқда. Зиёратчиларимиз учун барча дори-дармонлар Ўзбекистондан олиб келинган.

Зиёратчиларимизга эрталабки нонуштада асал, пишлоқ, тухум, сариёғ, сут, ширинликлар, тушки ва кечги овқатланишда эса иссиқ таом, қатиқ, мева ва табиий шарбатлар берилмоқда. Ошпазларимиз томонидан тайёрланаётган миллий таомлар юртдошларимизга бағоят манзур бўлмоқда.
Бугунги кунда муқаддас ҳаж амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига келган ҳорижий зиёратчиларнинг сони тўққиз юз мингдан ошиб кетди. Улар орасида зиёратчиларимизнинг адашиб қолмасликлари учун кўкрак нишонлари, махсус тикилган нимча ва сафар халталари жуда қўл келмоқда. Улар юртдошларимизнинг бутун мусулмон умматига машҳур бўлган Имом Бухорий, Абу Мусо Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк олиму уламолар, фозилу-фузалоларнинг авлодлари, бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб турган буюк Ватанимизнинг фуқаролари эканини таъкидлаб турибди.

Мадина шаҳридан Маккаи мукаррамага етиб келган зиёратчиларимиз овқатланиб ва ҳордиқ чиқарган ҳолда гуруҳ бошлиқлари етакчилигида автобусларда Каъбаи муаззамага бориб, Байтуллоҳни тавоф, Сафо ва Марва орасида саъй қилмоқдалар. Улар бундай улуғ шарафга муяссар бўлганлари учун шукрона қилиб, Аллоҳга ҳамд айтмоқдалар. Оилалари, маҳалладошлари, бутун Ўзбекистон аҳлининг фаровонлиги, юрт равнақини сўраб, осмонимиз доимо мусаффо, заминимиз ям-яшил бўлишини тилаб дуолар қилмоқдалар.
Ишчи гуруҳи раҳбарияти томонидан ҳар куни зиёратчиларимиз билан учрашувлар ўтказилиб, яқин кунларда амалга ошириладиган ҳаж амалларини шаръий жиҳатдан тўлақонли, бекаму-кўст ва уюшқоқлик билан амалга ошириш, ҳожиларимиз ўз саломатликларини авайлаб-асрашлари, юзага келиши мумкин бўлган мураккаб шароитларда ўз хавфсизликларини таъминлашлари юзасидан зарур тушунча ва тавсиялар бериб борилмоқда.

Юртдошларимиз бу каби учрашувларда яратилган шароитлардан миннатдор эканликларини изҳор этиб, кўтаринки кайфият билан ибодатда бардавом бўлмоқдалар.

Манба: www.religions.uz