Россиянинг “Лукойл” нефть-газ компанияси Эрондан санкциялар олингандан кейин бу давлатдаги нефть-газ лойиҳаларига инвестиция қилишнинг бошланишига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда компания президенти Вагит Алекперов “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

Алекперов Эрон “Лукойл” учун стратегик минтақа ҳисобланишини ва унда Эрон нефть вазирлиги билан нефть сақловчи вилоятларни ўрганиш бўйича келишув борлигини маълум қилди. “Мен яқин орада Теҳронга ташриф буюришим мумкин”, деб қўшимча қилиб ўтди Алекперов.

Алекперов компания Эрондан санкциялар олиниши билан бу ерда фаол инвестицион циклни амалга ошириш учун геологик ва технологик томондан ҳаммадан кўпроқ тайёр бўлишга умид билдирди.

Бундан аввал “Лукойл”нинг Эрондаги идораси қайтадан ишлашни бошлади. Компания биринчи вице-президенти Равил Магановнинг айтишича, Эрондан санкциялар батамом олингандан кейин компания Эрондаги турли лойиҳаларда, хусусан Анаран лойиҳасида иштирок этишни режалаштирмоқда.