15 сентябрдан “Баркамол авлод” болалар марказларида янги ўқув йили бошланади

Ўзбекистон 15 Сентябрь 2015 2551

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида республикадаги барча умумтаълим мактабларида турли фан тўгараклари, чет тили тўгараклари, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш, “Баркамол авлод” болалар марказлари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларида машғулотларнинг мунтазам ўтказилишини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


Жумладан, 2015 йилнинг 15 сентябридан республикадаги мавжуд 211 та “Баркамол авлод” болалар марказларида янги ўқув йили бошланади. Шу муносабат билан мазкур марказларда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, таълим муассасаси ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилиб, бунда марказлардаги мавжуд имкониятлар ва фаолият кўрсатаётган тўгараклар ҳақида батафсил маълумот берилади.

Ҳозирги кунда республикадаги мавжуд “Баркамол авлод” болалар марказларида учта (бадиий ижодиёт, техник ижодиёт, ўлкашунослик ва экология) йўналишда 36 номдаги 4461 та тўгаракларга 108 мингдан ортиқ нафар ўқувчи қамраб олинган. Улар ўртасида бадиий ижодиёт йўналишида “Бичиш-тўқиш”, “Ёш мусаввир”, техник ижодиёт йўналишида “Бошланғич техник моделлаштириш”, “Компьютер дизайни ва графикаси”, ўлкашунослик ва экология йўналишида “Оила ва саломатлик”, “Ёш табиатшунос” каби тўгаракларга қизиқиш ортмоқда.

Жорий ўқув йилидан “Баркамол авлод” болалар марказлари тўгарак аъзолари ўртасида “Болалар техник ижодкорлиги” фестивали, “Баркамол авлод” болалар ижодиёти фестиваллари каби янги турдаги республика тадбирлари ҳамда “Бахтли болалик” фотосуратлар танлови, “Миллий таомлар” фестивали, “Гуллар ва қушлар” байрами, “Мозийдан келажакка саёҳат” шиори остида тарихий ва замонавий обидалар бўйлаб саёҳлик марафони каби маҳаллий тадбирлар ҳам жорий этилмоқда.

“Баркамол авлод” болалар марказларидаги тўгаракларда қатнашиш учун вилоят марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида бадал тўлови ойига энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ва республиканинг бошқа туманлари(шаҳарларида) энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизини ташкил қилади. Ота-оналар тўловидан тушган маблағлар тўгарак ишлари учун зарур бўлган материаллар ва хом-ашёлар харид қилинади.

Кўпроқ янгиликлар