Audi компанияси Франкфуртдаги моторшоу очилишидан бир неча соат олдин e-tron quattro номли электрик кроссовер тақдимотини ўтказди. У Q6 моделининг прототипи бўлиб, у эса, ўз навбатида, Tesla Model X’нинг рақобатчиси ҳисобланади.

Беш эшикли янги кроссовер габарит узунлиги 4.88 м ни, кенгалиги 1.93 м ни, баландлиги 1.54 м ни ташкил қилади. Аэродинамик қаршилик коэффициенти 0.25ни ташкил қилади, бу, компания вакилларининг фикрича, йўлтанламаслар сегментидаги энг яхши натижалардан биридир.
Концепт-кар 3 электромотор билан таъминланган. Уларнинг умумий қуввати 435 от кучига тенгдир. Шу билан бирга, кескин тезлашиш жараёнида бу кўрсаткич қисқа муддатга 503 от кучигача кўтарилиши мумкин.

95 кВт/соат ҳажмга эга батареялар кроссоверга бир қувватлантиришда 500 км йўл босиш имконини беради. Қувватлантириш эса 50 дақиқа вақт олади. Бундан ташқари, машина томига қуёш панеллари ўрнатилган.