Францияда чоп этилувчи Charlie Hebdo журнали яқинда соҳилбўйида ўлик ҳолда топилган Айлон исмли 3 ёшли суриялик қочқин болага ишлаган бир қатор карикатуралари учун танқид қилинди. Журналда чоп этилган карикатуралардан бирида чўкиб кетган боланинг сурати ва “Манзилга жуда яқин қолганди” деган ёзув тасвирланган, деб хабар бермоқда The Mirror нашри.

Яна бошқа бир карикатурада “Европа насроний эканлигининг исботи” деган сарлавҳа билан чўкаётган боланинг ёнида сув устида турган Исо масиҳ қиёфасидаги эркак ва “Насронийлар сувда юра олади” ва “Мусулмон болалар эса чўкади” деган ёзувлар акс этган.

Британиялик ҳуқуқшунос Питер Херберт ўзининг твиттердаги блогида журнални “Франциянинг маънавий тубанликка ботганини” акс эттирувчи “ирқчи, ксенофоб” журнал деб атади.

Херберт у томонидан бошчилик қилинадиган қора танли адвокатлар уюшмаси Халқаро жиноий судга журнал устидан шикоят аризаси беришини қўшимча қилиб ўтди.

Бундан аввал Charlie Hebdo 2014 йил март ойида йўқолиб қолган Boeing самолётига карикатуралар чоп этган эди.