ЕЧЛнинг янги мавсумидаги илк турнинг биринчи кун ўйинлари учун анонс

Спорт 15 Сентябрь 2015 2270

Бугун Европа Чемпионлар лигаси мусобақасининг янги мавсумига старт берилади. 15 сентябрь оқшомига тўртта гуруҳдаги 8та ўйин белгиланган.

D гуруҳи
Манчестер Сити (Англия) - Ювентус (Италия)

Бугунги ўйинлар орасидаги энг марказий учрашув Англияда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Манчестерда ўтган мавсум финалчилари бўлмиш "Ювентус" янги мавсумда юқори даражадаги ўйинларни намойиш этаётган "Манчестер Сити" меҳмони бўлади.

Бу ўйин арафасида Италия бош вазири Матео Ринци "Ювентус"га омад тилади.

Шунингдек, туринликлар дарвозабони Буффон "Сити" "Ювентус" учун илк турдаёқ жиддий синов бўлиши ҳақида айтган.

"Манчестер Сити" сафида бу ўйинда Агуэро ва Сильва майдонга туша олмаслиги мумкин. Пеллегрини жамоанинг янги харидлари Раҳим Стерлинг ва Кевин де Брюйнега ишонч билдириши мумкин.

 

Севилья (Испания) - Боруссия М (Германия)

"Ўлим гуруҳи" сифатида эътироф этилган гуруҳидан ўтган йилги Европа Лигаси ғолиби "Севилья" ва ўтан мавсумда Германия чемпионатини кучли учликда якунлаган "Боруссия М" жамоалари ҳам ўрин олишган. Бу ўйинда "Севилья"нинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда.

А гуруҳи
Реал Мадрид (Испания) - Шахтёр (Украина)

Турнинг яна бир қизиқарли учрашуви Мадридда, "Реал" ва "Шахтёр" ўртасида ўтиши кутилмоқда.

Бу ўйин телеканали орқали жонли равишда трансляция қилинади.

Қайд этиш керакки, Бенитес бошқарувидаги янги "Реал" Украинадаги можаролар туфайли кучсизланган "Шахтёр"га қарши катта устунликка эга деб ҳисобланмоқда.

ПСЖ (Франция) - Мальмё (Швеция)

Франциянинг ПСЖ жамоаси бугун Швециянинг "Мальмё" жамоасини қабул қилади. Бу учрашувдан олдин мезбонлар устози Лоран Блан жамоаси ўз олдиган ЕЧЛда ғолиб чиқиш мақсадини қўйгани ҳақида айтди.

Бу ўйинда Златан Иброҳимович ўзининг илк жамоаси "Мальмё"га қарши ўйнаши мумкин.

В гуруҳи
ПСВ (Голландия) - Манчестер Юнайтед (Англия)

Шунингдек, Луи ван Гаал бошчилигидаги "Манчестер Юнайтед" жамоаси "ПСВ" Эйндховен билан ўйнайди. Мухлислар бир муддатлик танаффусдан кейин катта майдонга қайтаётган "қизил иблислар"нинг ЕЧЛда иштирокини катта қизиқиш билан кутмоқда.

Қолаверса, бу ўйинда "МЮ"нинг янги харидларидан бири Мемфис Депай ўзининг собиқ жамоасига қарши майдонга тушади.

Вольфсбург (Германия) - ЦСКА (Россия)

Бу гуруҳнинг яна икки вакили бўлмиш Москванинг ЦСКА клуби ва Германияда "Вольфсбург" жамоалари ҳам бугун ўз ўйинларини ўтказишади. Немислар мавсум арафасида кучсизланган бўлсада, ҳозирча аввалгидек кучли ўйин намойиш этишмоқда ва турнир жадвалида "Боруссия Д" ҳамда "Бавария"ни таъқиб қилмоқда.

С гуруҳи
Галатасарой (Туркия) - Атлетико Мадрид (Испания)

Туркияда ўтадиган "Галатасарой" ва "Атлетико" жамоалари ўртасидаги ўйинга ҳам қизиқиш юқори. Симноне бу ўйинда ўзларига қарши бутун Туркия қарши ўйнаши ҳақида фикр билдириб ўтган.

Бенфика (Португалия) - Астана (Қозоғистон)

Турклар ва испанлар билан битта гуруҳдан жой олган "Бенфика" ва Қозоғистоннинг "Астана" жамоалари ўртасидаги ўйинда мезбонларнинг қўли баланд келишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Лекин, "Астана" ҳам турнирга тасодиф туфайли ташриф буюрмаганини исботламоқчи.

P/S. Бугунги барча ўйинлар Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланиши белгиланган.

Кўпроқ янгиликлар