Фарғона шаҳрида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

"Мамлакатимизда адлия тизими идораларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг самарали фаолият юритиши учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам аҳолига юридик хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Қўқон, Фарғона шаҳарлари ва Қўштепа туманида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ва давлат нотариал идоралари учун замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди", дейилади хабарда.

Замонавий ва миллий архитектура ечимлари асосида қад ростлаган бинода ёш оилаларнинг никоҳини қайд этиш маросимини ташкил этиш учун барча қулайлик яратилган. Хусусан, “Оила дорилфунуни”, “Ёш оила қурувчилар мактаби” хоналари, маросимлар зали, ҳужжатларни сақлаш ва бошқа хоналар бугунги кун талаблари асосида жиҳозланган. “Равон йўл сервис” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан амалга оширилган қурилиш ишларига 3 миллиард сўм маблағ сарфланди.

– Оила муқаддас маскан, жамиятнинг муҳим бўғинидир, – дейди Фарғона шаҳар 1-ФҲДЁ бўлими мудираси Матлуба Маҳаметова. – Мамлакатимизда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари учун замонавий ва муҳташам бинолар бунёд этилаётгани аҳолига тезкор ва сифатли юридик хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Янги бинода дастлабки ёш оиланинг никоҳини қайд этиш маросими бўлиб ўтди.

"Бугун ҳаётимизда энг бахтли кун бўлиб қолади. Никоҳимиз замонавий бинода биринчи бўлиб қайд этилганидан хурсандмиз. Бизнинг оиламиз ҳам шу бинодек мустаҳкам ва чиройли бўлишига ишонамиз. Ёш оилаларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз",  – дейди Умиджон Сотволдиев.