Англиянинг Манчестер шаҳридаги Strangeways қамоқхонаси маҳбуси Стюарт Хорнерни якшанба кунидан буён том устидан тушира олишмаяпти, дея ёзмоқда The Guardian нашри.

Ўз амакисининг қотиллиги учун 27 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Хорнер қамоқхонадаги шароитларнинг ёмонлигини айтиб тинимсиз бақирмоқда, шунингдек, у билан музокара олиб бораётганларга 40 кечаю 40 кундуз том устида қолиб, ўзига хос рекорд ўрнатиш ва “қамоқхона тарихини ўзгартириш” ниятида эканини билдирган.
Хорнерни пастга тушишга кўндириш самара бераётгани йўқ. У қамоқхона томи бўғотлари бўйлаб айланиб, ойналарни синдирмоқда.

Жазони ижро этиш муассасаси матбуот хизматининг маълум қилишича, қамоқхонага элтувчи асосий йўллар бекитилган. Маҳбуснинг қочиб кетишга уриниши амалга ошмади ва унинг қамоқхона ичкарисига ихтиёрий кириши учун музокаралар давом эттирилмоқда.