Ўтган дам олиш кунлари бошланган iPhone 6S ва iPhone 6S Plus савдоси 10 млн донадан ортиши мумкин, дея хабар қилмоқда Bloomberg.

Apple мазкур кўрсаткич билан 2014 йилда iPhone 6 ўрнатган рекорднинг янгиланишини кутмоқда.

Reuters агентлигининг қайд этишича, компания улар сотилиши бошлангандан сўнг дастлабки 24 соат ичида қанча миқдорда буюртма олингани бўйича рақамларни маълум қилганича йўқ. Бироқ таҳлилчилар тахминига кўра, дастлабки куннинг ўзидаёқ 4,5 млн дона маҳсулотга буюртма келиб тушган (2014 йилда iPhone 6га 4 млн дона буюртма берилган).

Apple бош директори Тим Кук 8 сентябрда янги iPhone 6s ва 6s Plus смартфонларини намойиш қилган эди.

Шартнома билан харид қилинганида, улар нархи iPhone 6s учун 199 доллар, iPhone 6s Plus 299 долларни ташкил этади. Буюртмаларга эса 12 сентябрдан рухсат берилиб, савдода 25 сентябрдан чиқарилиши режалаштирилган.

Маркетинг бўйича Apple вице-президенти Филипп Шиллернинг таъкидлашича, янги iPhone`ларда аввалги моделлар экрани чўнтакда қирилиб кетгани сабабли кўпчилик фойдаланувчилар эътирозларига сабаб бўлган экран қисми янгиланган ойналар билан таъминланди. Шунингдек, iPhone`нинг навбатдаги маҳсулоти A9 процессорлари, 5 ва 12 мегапикселли камералар билан таъминланган. Force Touch компаниянинг янги технологияси бўлиши мумкин: экранни кучлироқ босиш билан смартфоннинг янги вазифаларига йўл очилади, дея ойдинлик киритди Financial Times (FT).

Бундай технология илк маротаба Apple Watch соатларида қўлланган эди. Шунингдек, 16 сентябрдан чиқувчи iOS 9 операцион системаси орқали фойдаланувчилар онлайн рекламаларни блокловчи махсус мобил иловаларни юклаб олиш имконига эга бўлишади.