«Жиззах аккумулятор заводи» 2015 йилда аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш ҳажмини 558 мингтага, 2016 йилда эса тахминан 600 мингтага етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати хабар берган.

Ҳозирги вақтда GM Uzbekistan, SamAvto, JV Man Auto – Uzbekistan корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар «Жиззах аккумулятор заводи»нинг аккумулятор батареялари билан жиҳозланмоқда. «UK GRUPPA GAZ» ва «AvtoVAZ» конвейерларига аккумулятор батареяларини етказиб бериш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, корхона томонидан, бармоқчали қувват элементлари, стационар аккумулятор батареялари, узлуксиз қувват манбаалари каби илгари Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилмаган, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш бўйича бир қатор истиқболли инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистоннинг истеъмол бозорини сифатли, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар билан таъминлашга, корхонанинг экспорт қилиш имкониятини оширишга, янги иш ўринларини яратишга ҳамда ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб этиш учун хизмат қилади.

Хозирги вақтда, компания томонидан «Жиззах аккумулятор заводи»нинг ишчи-ходимлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни диверсификация қилиш ва компанияни янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр стратегик хорижий ҳамкор қидириш ишлари актив тарзда амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, корхонанинг қуввати 800 мингта аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш ва 8 минг тонна қўрғошин қуймасини қайта ишлашга мўлжалланган. Корхона ҳозирги вақтда автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун 30 хилдан ортиқ турдаги аккумулятор батареяларини ишлаб чиқармоқда.