Lamborghini компанияси очиқ Huracan суперкар модификацияси — Spyder`ни намойиш қилди. Модел ҳақидаги маълумотлар унинг оммавий намойиши бўлиб ўтадиган Франкфуртдаги моторшоу очилиш кунига қадар сир тутилди.


Суперкар соатига 50 км тезликда 17 сония ичида электрогидроузатмалар ёрдамида йиғилувчи юмшоқ том қисмига эга бўлди. Унинг ранглари қора, жигарранг ёки қизил бўлиши мумкин.


Шу билан бирга, суперкарнинг ҳайдовчи ва йўловчи бош қисмига ҳавонинг гирдобли ҳаракатини камайтиришга хизмат қилувчи махсус ҳаво тўсиқлари, ички икки ён қисмига эса ҳаво оқимини қайта йўналтирувчи шамол қалқонлари ўрнатилган. Натижада очиқ автомобилда сайр қилиш янада завқ бағишлайди.


Очиқ Huracan 610 от кучига эга 5,2 литрли V10 двигатели билан таъминланган. Бундай мотор суперкарни 3,4 сония ичида 100 км/соат тезликка олиб чиқа олади. 200 км/соат тезликка чиқиш учун эса 10,2 сония даркор. Автомобилнинг энг юқори тезлиги 324 км/соатни ташкил этади.
Янги модел 2016 йил баҳор ойларидан сотувга чиқарилиб, нархи 186450 евродан бошланади.

Франкфурт-2015 моторошоусидан онлайн репортаж