Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг олий таълим муассасаларида стипендиянинг ўртача миқдори 300 минг сўмни ёки йилига 3.6 млн сўмни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, жорий йилнинг 1 сентябридан ОТМларда таҳсил олиш учун тўлов контрактлари 15 фоизга оширилди. Бундай қарорни изоҳларкан, вазирлик вакиллари бу пулларнинг 40-60 фоизи талабаларга стипендия тўлашга сарфланиши маълум қилди.

“Ҳозирги вақтда стипендиянинг ўртача миқдори 300 минг сўмни ёки йилига 3.6 млн сўмни ташкил этади ва у ўқитиш қиймати контракт миқдорига тўлиқ киритилади. Бунда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг 40-60 фоизини стипендия ташкил этади, яъни талабаларга ўзи томонидан ўқиш учун тўланган маблағнинг тахминан ярми ўқув йили давомида ойлик стипендия кўринишида қайтарилади. Бу механизм талабаларнинг ўқишига зиён келтирган ҳолда пул ишлашга вақт сарфламасдан бутун диққат-эътиборларини таълим олишга қаратишларига имкон яратади”, - дейилади изоҳда.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида ўқитиш нархлари МДҲ ва кўпгина хорижий давлатлардагидан арзонроқдир.