IKA тақвим режасига асосан жорий йилнинг 13-16 сентябрь кунлари Тайваннинг Таоюан шаҳрида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида навбатдаги Осиё чемпионати баҳслари бошланди. Бу ҳақда IKA матбуот хизмати хабар берган.

Мазкур чемпионатда Осиё қитъасининг 20га яқин давлатидан келган 200дан ошиқ ёш полвонлар 15 вазн тоифасида ғолиблик учун гиламга чиқишади.

Турнир ташкилий қўмитасидан берилган маълумотларга кўра чемпионатни юқори савияда ўтказиш учун Тайван спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Тайван Кураш Федерациялари томонидан барча ишлар амалга оширилган.

Чемпионатнинг очилиш маросими катта байрам тарзида бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳукумати вакиллари, Кураш Халқаро Ассоциацияси раҳбарияти сўзга чиқишиб иштирокчиларга омад тилашди.

Мусобақалар мезбонларнинг марказий телерадиоканаллари орқали ва Youtube видеосерверида ҳам жонли эфирда тўғридан тўғри транслация қилинмоқда.

Бугун ўсмир ўғил болалар ва қизлар ўртасидаги баҳслар ўз якунига етди. Унда Тайван, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Вьетнам каби давлатларнинг полвонлари медаллар жамғариш бўйича пешқадамлик қилишмоқда.

Қитъа биринчилигига Ўзбекистон шарафани Мурод Дўсимбетов раҳбарлигида терма жамоанинг 17 нафар йигит ва қизларидан иборат ёш курашчилари ҳимоя қилишмоқда.

Осиё чемпионати эртага ўз якунига етади.