Бир неча ой аввал Тошкент метросининг “Ҳамза” бекати “Новза” бекати деб янгича номланган эди. Метро ходимлари бу станциядаги, метронинг ҳар бир вагонида бўлган метро схемасидаги станциянинг эски номини янгисига тезкорлик билан алмаштиришди.

Бу борада метро ходимларига тасанно айтиш керак. Буларнинг барчаси албатта озмунча вақт, меҳнат ва маблағ талаб этмаган.

Бироқ нимагадир метро ходимлари ўз вазифаларини тўлақонли бажардик, деб ўйлаётган кўринишади. Гап шундаки, бекатларнинг номларини эълон қилувчи овозли эълонларда бу ҳолат инобатга олинмай қолиб кетди. Кўпчилик йўловчилар айнан унга кўра мўлжал оладилар. Бу овозли эълонларда “Ҳамза” сўзи олиб ташлангану, бироқ янги “Новза” номи киритилмаган.

Станция қайта номлангандан анча вақт ўтгач ҳам, юқоридаги ҳолат қуйидагича кўриниш олмоқда: “Новзага” бир станция қолганда дикторнинг овози ҳар доимгидек “Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади!” деб эълон қилади. Шундан кейин ҳамма йўловчилар дикторнинг “Кейинги бекат “Новза” дейишини кутадилар, аммо диктор буни эълон қилмайди, поезд эса йўлида давом этаверади.

Сўнгра метро “Новза”га келганда диктор қиз бу ерда ҳам бекатнинг номини эълон қилмайди, метро ҳайдовчиси эса деярли унгсиз овоз билан англаб бўлмайдиган тарзда бекат номини ё “Новза”, ё “Ҳамза”, ёхуд умуман бошқа бир нарса деб эълон қилади.

Бир қарашда арзимагандек туюлган бу камчилик юзлаб одамлар ишлайдиган Тошкент метросининг обрўсига обрў қўшмайди, албатта. Бекатнинг янги номини овозли эълонга киритиш ёки янгисини ёзиш наҳотки шунчалик қийин бўлса, деган савол туғилади. Ва бунга қанча вақт талаб қилинади, балки бир, икки йилдир?

Асосийси, метро ходимларининг масъулиятсизлиги туфайли “Ҳамза” бекатининг “Новза”га қайта номланиши бўйича ишлар деярли охиригича етказилмай қолмоқда.