Туркия Исроилни Қуддусдаги Муқаддас тоғда жойлашган Ал-Ақсо масжидлар мажмуасида “иғвогарлик қилишни зудлик билан бас қилишга” чақирди. Бу ҳақда журналистларга Туркия президентининг расмий вакили Иброҳим Қалин маълум қилди

“Биз ўзининг “эзгу ниятларини” қандай эканлигини намойиш қилган Исроилнинг ҳаракатларини кескин қоралаймиз. Ал-Ақсони босиб олишга ҳар бир уриниш олов билан ўйнашиш демакдир. Афсуски, исроиллик ҳарбийлар томонидан мусулмонлар учун масжидга киришнинг тўсиб қўйилиши оқибатида ўнлаб одамлар жабр кўрди”, деб таъкидламоқда Қалин.

Қалиннинг айтишича, Исроил раҳбарияти шу тариқа мажмуага вақтинчалик киришни чеклаш мақсадида унинг қисмлари устидан назорат ўрнатишга интилмоқда. “Шу тариқа улар у ерга экстремистик кайфиятдаги яҳудийларнинг киришларини қонунийлаштиришга уринишмоқда”, деб айтди Қалин.

Араблар ва Исроил полицияси ўртасидаги тўқнашувлар учинчи кун давом этмоқда. Муқаддас тоғдаги бетартибликлар 13 сентябрь эрталабки пайт ниқоб кийиб олган араб ёшларининг бир гуруҳи исроиллик ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари томонга тошлар ва фейерверклар улоқтиришгандан кейин бошланган.