Париж, Рим, Лос-Анжелес, Будапешт ва Гамбург шаҳарлари 2024 йилги Ёзги Олимпиадани қабул қилиш учун даъвогарлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақида Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)матбуот хизмати хабар тарқатган.

ХОҚ илк марта номзод шаҳарларнинг Олимпиада мезбонлигига тайёргарлик бўйича ҳужжатларини оммага эълон қилди. Аризаларни қабул қилиш 16 сентябрь Тошкент вақти билан соат 03:00да тўхтатилди. 

Халқаро олимпия қўмитаси даъвогар шаҳарлар рўйхатини 2016 йилнинг апрель-май ойларида тасдиқлайди. XXXIII Олимпия ўйинлари ўтказиладиган шаҳар номи 2017 йилда Лима шаҳри (Перу)да ўтказиладиган ХОҚнинг сессиясида эълон қилинади.

ХОҚ 2024 йилги Олимпиада ташкилий қўмитасига 1,7 млрд доллар ажратган.

Бундан олдинроқ, Бостон шаҳри олимпиада мезбонлиги учун курашдан чиққан, бу шаҳар ўрнига Лож-Анжелес ариза топширганди. Шунингдек, Канаданинг Торонто шаҳри ҳам Олимпиадани ўтказишга тайёр эмаслигини маълум қилди.

Маълумот учун, ҳозирги даъвогар шаҳарлардан 3таси аввал ҳам Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилган, Парижда 1900 ва 1924 йилларда, Лож-Анжелесда 1932 ва 1984 йилларда, Римда эса 1960 йилда Ёзги Олимпиада ўйинлари ўтказилганди.