Тель-Авивдан Торонтога парвоз қилаётган Air Canada самолёти учувчиси кучук хавфсизлиги учун парвозни тўхтатди.

CityNews`нинг маълум қилишича, Атлантика океани устидан учиб ўтиш вақтида учувчи юк бўлмасида ҳарорат билан боғлиқ муаммони пайқаб қолади ва у ердаги йўловчилардан бирига тегишли француз бульдогининг ҳаётига хавф туғилгани сабабли самолётни ортга қайтариб, Франкфуртга қўндирди.

Ерга қўнганидан сўнг Симба лақабли ит ўз хўжайини билан Канадага саёҳатни бошқа самолётда давом эттирди.

Жониворнинг эгаси рейсни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган учувчига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Авиация бўйича эскперт Фил Дарбининг фикрича, қўшимча 10 минг доллар сарф-харажат ва 75 дақиқа ушланиб қолганлигига қарамасдан, учувчи самолётни ортга қайтариб тўғри қарор чиқарган. “Ташқарида ҳаво 50-60 даража совуқ бўлса, юк бўлимидаги ҳарорат изоляцияни ҳисобга олган тақдирда ҳам 0 даражадан тушиб кетиши мумкин. Учувчи эса самолёт бортидаги барчанинг ҳаёти учун, у хоҳ инсон, хоҳ ит бўлсин, жавобгар”, – деди Дарби.

Самолётдаги носозлик бартараф этилганидан сўнг Торонтога парвозни давом эттирган.