Суриянинг расмий раҳбари Башар Асад Россиянинг бир қанча оммавий ахборот воситалари, жумладан, Россия ТВ, НТВ, “Первый канал”, RT телеканаллари, “Россия сегодня”, ТАСС, Интерфакс агентликлари, “Российская газета” нашрлари билан суҳбат ўтказди.

У россиялик журналистларни қизиқтираётган кўплаб саволларга жавоб берди.
АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларининг ИШИДга қарши ҳарбий коалицияга баҳо бераркан, Суриянинг расмий етакчиси ушбу бирлашманинг хатти-ҳаракатларида зиддиятлар мавжудлигини эътироф этди.
“Бизга шу аёнки, коалиция турли йўналишларда, лекин биринчи навбатда террорчиларга қарши жанг майдонида ҳаракат қилиши керак.

Бундай коалиция террорчиликка қарши курашга ишонадиган давлатлар томонидан тузилиши мантиқан тўғридир. Ҳозирги вазиятда бир томон ҳам террорчиликни ёқлаши, ҳам унга қарши курашиши ғалатидир. Лекин Туркия, Иордания, Саудия Арабистони сингари давлатлар айнан шундай йўл тутмоқда”, - деди Асад.

Унинг фикрича, бу давлатлар аксилтеррор коалициясининг бир қисми деб ўзини кўрсатиб, айни пайтда Суриядаги террорчиларни қўллаб-қувватламоқда.