Суриянинг расмий раҳбари Башар Асад Россиянинг бир қанча оммавий ахборот воситалари, жумладан, Россия ТВ, НТВ, “Первый канал”, RT телеканаллари, “Россия сегодня”, ТАСС, Интерфакс агентликлари, “Российская газета” нашрлари билан суҳбат ўтказди. У россиялик журналистларни қизиқтираётган кўплаб саволларга жавоб берди.

“Суриянинг ҳам ҳукумат ичидаги, ҳам ҳукуматдан ташқаридаги сиёсий кучлари Сурия халқи талаблари атрофида бирлашиши шарт, - деди у. – Агар бугун ҳар қандай сурияликдан нимани хоҳлашини сўрасангиз, у хавфсизлик ва барқарорликни исташини таъкидлайди”.

“Биз диалогни давом эттиришимиз керак, - сўзида давом этди Асад. - Сурия, Москва, Женевада ички диалогнинг бир неча раундлари ўтказилди. Аммо биз муваффақиятга эришган ягона босқич Москва-2 бўлди. Бу олдинга қадам бўлди, энди биз Москва-3ни кутмоқдамиз. Ўйлайманки, террорчиликка қарши кураш билан бир пайтда Суриянинг турли сиёсий кучлари ва партиялари ўртасида мулоқотни давом эттириш ва шу йўл билан мамлакатнинг келажак тақдири борасида бир тўхтамга келиш лозим”.