Бузилиши керак бўлган уйини тарк этишни истамаган хитойлик уйида тириклай ёниб кетди, деб хабар бермоқда The South China Morning Post нашри.

Хитойнинг Шаньдун вилояти, Дифан қишлоғида яшовчи Чжан Цзимин исмли 46 ёшли фермернинг уйи жойлашган қишлоқ ўрнида Линьи шаҳрининг янги мавзеси қурилиши режалаштирилгани сабабли уйи бузилиши керак бўлган. Бироқ Чжан унга таклиф қилинган товон пулини кам деб ҳисоблаб, бошқа ерга кўчиб ўтишни истамаган.

Чжаннинг яқинларининг айтишича, мутассади ходимлар фермерни уйни сотишга кўндира олишмаган. Фожиадан аввал эса Чжаннинг рафиқаси номаълум шахслар томонидан қаттиқ калтакланган.

Уйни бузишга келган бригада келгандан кейин фермер уйининг ичига кириб олиб, ундан чиқишдан бош тортган.

Қурувчилар техника ёрдамида уй олдида тўсиқларни бузиб, ойналарни синдириб, ичкаридан нарсаларни ташқарига улоқтиришаётганда уйнинг ичида портлаш юз берган ва ярим вайрона уй аланга ичида қолган. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар хоналардан бирида ёниб кул бўлган Чжаннинг жасадини топишган. Гувоҳларнинг тахминига кўра, уйда газ баллони портлаган, бироқ бу нима учун юз бергани ҳозирча маълум қилинмаган.

Полиция ушбу воқеа юзасидан тергов ишларини бошлади.

Хитой шаҳарлари борган сари кенгайиб бораётгани сабаб яқин орадаги қишлоқларда бузиладиган уйлар учун бериладиган товон пули Хитойдаги энг оғир масалалардан ҳисобланади. Одатга кўра, ҳукумат ёки умуман тонвон пули тўламайди, ёки уни жуда кам миқдорда таклиф қилади.