ICTEXPO 2015 ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмаси жорий йилда мисли кўрилмаган миқёсда ўтказилади — майдони 1800 кв.м дан катта ҳудудни эгаллаган бўлиб, 150та экспонент-компаниялар ва 30 мингга яқин ташриф буюрувчиларни жамлайди.

ICTEXPO 2015 жорий йилнинг 15–17 сентябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” МККнинг иккинчи павильонида, Самарқанддаги кўргазма 15 ва 16 сентябрь кунлари Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали биносида ўтказилади.

АКТ Кўргазмасини ўтказишдан мақсад – ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг миллий соҳадаги ютуқларини намойиш этиш. Бу экспертлар ҳамжамиятининг миллий бозор рақобат афзалликларини мустаҳкамлаш ва ундаги субъектлар фаолиятини ривожлантириш йўлидаги профессионал майдончасидир. АКТ Форуми ва АКТ Кўргазмасининг ўтказилиш жойларининг ўзаро яқин жойлашуви уларни максимал тарзда бирлаштириш имконини яратади. Натижада, ҳар бир иштирокчи, ўзи учун қизиқарли ва керакли бўлган мавзулар ва маърузачиларни кузатиб бориш учун, бир тадбирдан иккинчисига эркин равишда ўтиш имкониятига эга бўлади.

ICTEXPO 2015 қатор тематик йўналишлар, жумладан, мобил алоқа, интернет, телекоммуникациялар, дастурий таъминот индустрияси, электрон ҳукумат ва электрон тижорат кабилар бўйича ўтказилади.

Кўргазма давомида киберфутбол бўйича мусобақа – Uzbekistan Cyber Games FIFA15 бўлиб ўтади.

Унинг дастлабки танлов босқичлари 1–12 сентябрь кунлари Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Олмалиқ ўйингоҳларида ўтказилди. UCG FIFA15 нинг Миллий якунловчи босқичи 15–17 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Мусобақанинг ғолибларининг биринчи саккиз нафарига мукофотлар (планшет, смартфон ва мобил телефонлар) ва дипломлар топширилади.

Шу билан бирга, ICTEXPO 2015 иштирокчилари Gadget Fair – жаҳон ва миллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари тақдим этиладиган гажетлар ярмаркасига ташриф буюришлари мумкин. Ярмарка ҳудуди 360 кв.м.га тенг. Унда тақдим этиладиган смартфонлар, ноутбук ва планшетларни томоша қилишгина эмас, сотиб олиш ҳам мумкин бўлади. Gadget Fair иштирокчилари қатор техник янгиликларни биринчилардан бўлиб баҳолаш каби ноёб имкониятга эга бўлишади.

Масалан, ICTEXPO 2015 доирасида Huawei компаниясининг флагмани бўлмиш Huawei P8нинг расмий тақдимоти бўлиб ўтади. Унда ҳар бир иштирокчи флагман смартфоннинг суратга олиш имкониятларини синаб кўриши, лотереялар ўйини, танлов ва маҳорат сабоқларида қатнашиши мумкин бўлади.

Қолаверса, тадбирнинг бош ҳомийси Huawei компанияси кўргазма ўтказиш жойига, 60 кв. м. жойни эгаллаган трейлерни келтириб, унда ўзининг энг сўнгги маҳсулотларини ва корпоратив сегмент учун зарур ечимларни намойиш этади.

ICTWEEK Uzbekistan 2015 Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида ўтказиб келинмоқда. Тадбир ташкилотчилари – Ўзбекистон Ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлари ассоциацияси ва ICTNEWS нашри.