ICTFORUM 2015 – АКТ соҳасининг долзарб йўналишларини муҳокама қилиш майдончаси

Ўзбекистон 16 Сентябрь 2015 1162

ICTWEEK Uzbekistan 2015 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги кузнинг энг ёрқин IT-воқеаларидан бирига айланиши кутилмоқда. 16 ва 17 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтиши режалаштирилган ICTFORUM 2015 ахборот-коммуникация технологиялари форуми эса ҳафталикнинг муҳим тадбирига айланади.

ICTFORUM 2015 АКТ Ҳафталиги доирасида илк маротаба ўтказилмоқда. Аввалига, АКТ ҳафталиги мустақил равишда ташкил этиладиган тадбирлар туркумини ифода этар эди. Яъни барча тадбирлар ягона пировард натижа сари йўналтирилган бўлса-да, ташкилий жиҳатдан турли ёндашувларга асосланган эди. Бу йилги АКТ Ҳафталиги ихтисослаштирилган тадбирларни ягона формат остида бирлаштирди. Шу тариқа, ҳафталикнинг барча ишчи тадбирлари ягона ICTWEEK Uzbekistan 2015 бренди остида ўтказилади. Эндиликда, ушбу ягона концепцияга кўра, бўлиб ўтиши кутилаётган тадбирлар туркумини нафақат фойдали, балки тадбир иштирокчилари ва ташриф буюрувчилари учун қулай тарзда ташкил этиш кўзда тутилган. IT-соҳа вакиллари иштирокидаги учрашувлар авваллари ҳам ўтказилган бўлса-да, бу йил улар илк бора бевосита АКТ ҳафталиги доирасидаги форумда ўз маъруза ва чиқишлари билан иштирок этиш имконига эга бўлишади.

Форумнинг дастурий қўмитаси таркибига турли IT-компанияларнинг етакчи вакиллари, соҳа мутахассислари ва хорижий маърузачилар таклиф этилган. Рақамлар билан ифодалаганда, ICTFORUM 2015га 800дан ортиқ киши ташриф буюриб, 100дан ортиқ мутахассисларнинг 8 йўналишдаги мавзуларда сўзга чиқишлари кутилмоқда.

16–17 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Форум доирасидаги мулоқот блоклар кўринишидаги анжуманлар, секциялар кўринишидаги йиғилишлар ҳамда маҳорат сабоқлари ва панелли муҳокамалар асосида ўтказилади.

Воқеаларга бой ва қулай тарзда тузилган Форум дастури иштирокчиларга исталган йиғилишда қатнашиш имконини беради.

«Дастурий маҳсулотлар. BestSoft Uzbekistan» анжуманида дастурий таъминот соҳасида эришилган сўнгги ютуқлар намойиш этилади. Анжуман доирасида софтвер йўналишини ривожлантириш ечимлари, шунингдек дастурий таъминотни давлат, бизнес ва таълим соҳаларида амалда қўллаш истиқболлари масалалари муҳокама этилади.

«Телекоммуникация ва инфратузилма» йўналишидаги учрашувлар давомида эса интернет, симсиз ва уяли алоқа, ахборотни қайта ишлаш марказларини яратиш, IaaS, PaaS, виртуализация каби масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

«Интернет ва ахборот ресурслари» секциясида ахборот ресурслари миллий бозори ва электрон оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш мавзуларига оид чиқишлар тингланади ва муҳокама қилинади. Шунингдек, Uznet`нинг муваффақиятли лойиҳалари ҳам йиғилганлар эътиборига ҳавола этилади.

Тадбирларни ўтказиш жойи ва санаси: 16 сентябрь, Халқаро бизнес маркази.

17 сентябрда Халкаро бизнес марказида қуйидаги тадбирлар бўлиб ўтади:

Электрон ҳукумат. eGovernment Uzbekistan анжумани доирасида электрон ҳукуматни яратиш соҳа вакиллари олдига қўйилган стратегик вазифалар, шу пайтга қадар амалга оширилган лойиҳалар, ахборот технологиялари ёрдамида давлат ва жамият ўртасидаги алоқани янада такомиллаштириш мавзулари муҳокама қилинади.

Стартаплар. Форум дастуридан ўрин олган Startup анжуманида янги стартап-лойиҳаларнинг тақдимоти, соҳа вакилларидан маҳорат сабоқлари, хакатон ва StartupFactory.uz битирувчилари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг намойиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.

«Ахборот хавфсизлиги» секцияси иштирокчилари томонидан ахборот ҳамда шахсий маълумотни сақлаш тизими ва ресурслари ҳимоясига оид долзарб саволларга катта эътибор қаратилади. Мазкур йўналишда, шунингдек, ахборот хавфсизлиги аудити, хавф-хатарлар бошқаруви, истиқболли ечимлар ва ахборот хавфсизлигини таъминловчи технологияларни яратиш мавзулари кўриб чиқилади.

«АКТ ва туризм». Шу номли қизиқарли анжуман 16 сентябрда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд шаҳри филиалида бўлиб ўтади. Анжуман иштирокчилари республикамизнинг энг машҳур сайёҳлик марказларидан бирида бўлиб, шаҳарнинг ҳозирги сайёҳлик салоҳиятига баҳо берган ҳолда унда IT-ечимларини амалда қўллаш мавзуларида ўзаро фикр алмашишлари кутилмоқда.

Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги билан боғлиқ қўшимча маълумотни ҳамда рўйхатга олиш жараёни ҳақидаги маълумотларни ICTWEEK Uzbekistan 2015 расмий сайти – www.ictweek.uz орқали олиш мумкин.

ICTWEEK Uzbekistan 2015 ҳафталиги Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг яқин кўмаги билан ўтказилмоқда. Ташкилотчилар – Ахборот технологиялари ташкилотлари ва корхоналари ассоциацияси ва ICTNEWS нашри.

Тадбир бош ҳомийси – Huawei Technologies Co. Ltd, стратегик ҳомий – UZTELECOM, уяли алоқа ҳомийси – UZMOBILE. Шунингдек, LG CNS Uzbekistan ва SAP компаниялари АКТ ҳафталиги ҳомийлари саналади.

Тадбир ҳамкорлари: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (UNDP), «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази, UZINFOCOM компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва татбиқ этиш маркази, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкентдаги Инха Университети, BePro дастурчилар маркази, InfoCOM.UZ журнали, Brand.uz, SmartLab, StartupFactory.uz, UNIQUE PRESENT Media Holding, Maslov PR Tashkent.

Кўпроқ янгиликлар