Малавида альбинос ўқувчи қизни 10 минг долларга сотиб юбормоқчи бўлган эркак ўқитувчи ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда Agence France-Presse ахборот агентлиги.

Маҳаллий полиция матбуот котиби берган маълумотга кўра, бошланғич синфлар ўқитувчиси Филлип Нгулубе кичкина қизча билан бирга ушланди. У ёш болани ўғирлаш ва унга суиқасд қилишда айбланмоқда.

Полиция матбуот котибининг таъкидлашича, жиноятчи Танзанияга йўл олаётган бўлган. Танзанияда қиз ҳойнаҳой ўлдирилган бўларди, чунки бу ерда альбинос танаси бўлаклари шифобахш хусусиятга эга деб саналади.

Танзания ҳукумати альбиносларнинг тана аъзоларини ўзлари тайёрлайдиган дамламага ишлатадиган жодугарларга қарши фаол курашиб келмоқда. 2000 йилдан бошлаб Танзанияда 74 нафар альбинос ўлдирилган. Уларнинг таналари бўлаклари ўртача 600 доллардан сотилади.