12 сентябрь куни Париж яқинидаги шаҳарда Femen ҳаракати фаоллари томонидан ишига тўсқинлик қилинган Мусулмонлар кўргазмаси ташкилотчилари Femen ҳаракати устидан судга даъво аризаси топширди, деб хабар бермоқда Франс Пресс ахборот агентлиги.

“Femen тадбири масъулиятсиздир, янглиш фикрга олиб келади ва ўз фикрини эркин ифодалашни инкор қилиш ҳисобланади. Шу туфайли бизнинг компания ва бир неча оила улар устидан судга мурожаат қилди”, деб айтилмоқда Мусулмонлар кўргазмасининг ташкилотчиси бўлган IslaEvents компаниясининг баёнотида.

Ўз навбатида, “ярим яланғоч тадбирни” уюштирган қизлар кўргазма ташкилотчиларига қарши улар томонидан “зўравонлик” қўллангани юзасидан даъво аризаси топширмоқчилар.

Анжуман пайтида икки имом омма олдида “Ўз рафиқасини уриш керакми ёки йўқми” мавзусида нутқ сўзлаётганида ҳаракатнинг аъзолари бўлган икки қиз саҳнага ярим яланғоч кўринишда чиқиб келган. Уларнинг кўкрагида ва орқасида “Менга ҳеч ким хўжайин эмас, мен ҳеч кимга бўйсунмайман, мен ўзимнинг шахсий пайғамбаримман” деган ёзув бўлган. Шунингдек, қизлар бу сўзларни араб ва француз тилларида бақириб айтишган.

Нохуш воқеа тинчлик билан барҳам топиши мумкин эди, бироқ анжуманнинг баъзи иштирокчилари қизларга нисбатан жисмоний куч ишлатишга қарор қилишган.