Nissan компанияси Франкфурт автосалонида концептуал Gripz кроссоверини намойиш қилди. Янги машина ўзида ихчам йўлтанламаснинг унумдорлиги ва спорткарнинг динамик кўрсаткичларини мужассамлаштирган.

Прототип “Ниссан”нинг Япония ва Европадаги дизайн-студиялари мутахассислари томонидан яратилди. Уларнинг айтишича, улар машинани яратаётганларида Datsun 240Z моделининг пойга учун мўлжалланган версиясидан илҳомланишган.

1970-йилларда бу машина бир қатор мусобақаларда, жумладан 1973 йилнинг Сафари раллисида ғалабаларга эришган.

Бундан ташқари Gripz баҳорда Париж автосалонида кўрсатилган Sway концептуал хэтчбекининг бир қатор стилистик элементларини олди. Хусусан, янги машина ушбу хэтчбекникига ўхшаш радиатор панжараси ва “бумерангсимон” кўринишдаги оптика билан жиҳозланди.

Дизайнерлар кроссоверни яратишда пойга велосипедларининг ташқи қиёфасидан нусха олишди. Унга ўхшаш услубда машинанинг 22 дюймли ғилдирак дисклари, шунингдек, интерьернинг кўп элементлари, жумладан машинанинг эшик тутқичлари велосипед ўриндиқлари кўринишида ишланган. Машина Bridgestone фирмаси махсус ишлаб чиққан юқори босимга эга покришкалар билан жиҳозланди.

Бош ёруғлик фаралари велосипедчилар шлемларига ўрнатиладиган видеорегистратор каби кичкина “саёҳатлар учун кичик камералар” билан жиҳозланди.
Машина бензинли ва электр двигателдан иборат гибридли куч қурилмаси билан жиҳозланган. Ички ёнув двигатели электр мотор учун энергия ишлаб чиқариш учунгина ишлатилади.

Аввалроқ маълум қилингандек, прототипнинг серияли версияси 2017 йилдан конвейердан олинадиган 370Z моделининг ўрнини босиши мумкин.