АҚШ конресси вакиллар палатасида нефть экспортини тақиқлашни бекор қилиш бўйича овоз беришлар сентябрь ойининг сўнгги ҳафтасида бўлиб ўтиши мумкин, дея хабар бермоқда The Wall Street Journal нашри.

Палатада кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар етакчиси Кевин Маккарти овоз бериш санасини сешанба куни Хьюстон шаҳрида Савдо-саноат палатасидаги маърузаси вақтида эълон қилади.

“Қачондир нефть экспортига қўйилган тақиқ олиб ташланса, демак ўша вақт келди. Нефть экспорти тақиқининг олиб ташланиши нафақат иқтисодиётимизга ёрдам беради, балки бу бизнинг геосиёсий мавқеимизни ҳам мустаҳкамлайди”, – дея Маккарти нутқидан олинган парчани эълон қилди газета.

Мазкур масала Сенатда 2016 йил бошида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Америка қонунчилиги қарийб 100 йилдан буён нефть экспортини бутунлай тақиқлайди. Бунинг учун мамлакат ҳукуматининг махсус рухсатини олиш талаб этилади. Муқаддам АҚШнинг аксарият нефть компаниялари экспортга қизиқиш билдирмаган эди. Бироқ АҚШда “қора олтин” қазиб олиш ҳажми сўнгги 25 йил ичида энг юқори даражага етди ва бу ҳолат нефть қазиб олувчиларни хориждан янги бозорларни қидиришга мажбур қилмоқда. АҚШ нефтининг четга экспорт қилина бошлаши хомашё нархининг янада арзонлашувига олиб келиши тайин.

2014 йилда Савдо вазирлиги компанияларга энг кам қайта ишланган сланецли нефтни экспорт қилишга ижозат берган бўлса, 2015 йил августидан компаниялар Мексика билан нефть айирбошлаш имконига эга бўлишди. Айни пайтда АҚШ Канадага ҳар куни бир неча миллион баррель нефть экспорт қилади.