2015 йил 15 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳузурида ташкил этилган Юридик клиниканинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати хабар берди.

Юридик клиниканинг очилиш маросимида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Тошкент давлат юридик университети, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки вакиллари иштирок этди.

Касаба уюшмалари Федерацияси Юридик клиникаси ҳуқуқий ҳимоя соҳасининг янгича кўриниши ҳисобланиб, ўзида ҳуқуқий ҳимоя ва хуқуқий таълим амалиётини мужассамлаштиради. Юридик клиникани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда уларга бепул юридик хизмат кўрсатишдир.

Юридик клиника қуйидаги йўналишлар бўйича фаолият олиб боради:
Ижтимоий-ҳуқуқий фаолият – фуқароларга ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаш ва амалга оширишда амалий, бепул юридик (консультатив) хизмат кўрсатиш;
Ахборот-тарғибот фаолияти – кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида ижтимоий-меҳнат соҳасига оид халқаро ва миллий стандартларни тарғиб этиш;
Ўқув-тарбиявий фаолият – клиника кўнгилли волонтёрларининг халқаро ва миллий стандартларга оид билимларини ошириш, ҳуқуқни қўллаш кўникмаларини шакллантириш, демократик қадриятлар, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига содиқлик руҳида тарбиялаш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш;
Илмий-тадқиқот фаолияти – юридик клиника мураббийлари ва волонтёрлари томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга доир илмий-таҳлилий материаллар тайёрлаш.

Юридик клиника фаолиятига юридик соҳада таҳсил олаётган 30 нафар ёш волонтерлар жалб этилган бўлиб, улардан 23 нафари олий таълим муассасалари талабалари ва 7 нафари касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ўқувчиларидир.

Шунингдек, клиникага 15 нафар касаба уюшма фаолларидан иборат мураббийлар, 41 нафар амалиётчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва таниқли олимлар эксперт тариқасида жалб этилган.

Ҳуқуқий-консультатив хизматлар кўнгилли волонтёрлар томонидан мураббий ва экспертлар назорати остида тақдим этилади. Хизматлар ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ёрдам бериш, ёзма ёки оғзаки маслаҳат ва хулоса шаклида тақдим этилади ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шаклларда (давлат органларига мурожаат, судларга даъво аризаси) ёрдам кўрсатилади. Юридик клиникада тўлиқ амалиёт ўтаган талабаларга махсус сертификат берилади.
Бундан ташқари Юридик клиниканинг очилиш маросими доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассилари ҳамкорлигида тайёрланган “Қонунчиликдаги янгиликлар” тўплами тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу тўплам 2011-2014 йилларда қабул қилинган ижтимоий-меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олган. Мазкур қўлланмада қонунчиликнинг ривожланиш динамикаси кўриниши, алоҳида ҳуқуқий ҳужжатларга тушунтириш ва шарҳлар ҳам берилган.

Тўплам тўрт қисмдан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро ҳужжатлар, Қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари, Ижтимоий шериклик бўлимларини ўз ичига олган. Тўпламда 2015 йилда қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлилига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари тадбирда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тасдиқланган “Якка меҳнат низолари комиссиялари фаолиятини ташкил этиш юзасидан тавсиялар” тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур ҳужжат ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, ижтимоий-меҳнат соҳасида юзага келадиган якка низоларни судгача ҳал этиш тизимини жорий этишнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, мазкур тавсиялар корхона, ташкилот ва муассасаларда якка меҳнат низоларини кўриб чиқишнинг ягона амалиётини шакллантириш, низоларни ҳал этиш самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, якка меҳнат низолари комиссияларини тузиш, улар томонидан якка меҳнат низоларини кўриб чиқиш тартиби, комиссия қарори ва уни бажаришга доир тавсияларни ўз ичига олади.

Ҳар иккала нашр ҳам иш берувчи ва ходимлар учун “Касаба уюшма кутубхонаси” мажмуида чоп этилган навбатдаги қўлланма ҳисобланади.