Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бельгия Қироллиги парламенти Вакиллар палатаси раиси Зигфрид Браке бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокара давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти, чунончи, Қонунчилик палатаси фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди. Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” барқарор ривожланишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Бельгия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кўплаб соҳалар қатори парламентаризм йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Делегация аъзолари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва демократик ислоҳотлар ижобий баҳоланди. Шунингдек, улар мамлакатда олиб борилаётган сиёсатни, хусусан, тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик таъминланаётгани, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароит яратилганини алоҳида таъкидлашди.

Ўзбекистонда “Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар, айниқса, фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасининг бу борадаги тажрибаси Бельгия томони учун долзарб аҳамиятга эга.

Ўз навбатида, меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси билан мустаҳкам алоқалар самарали давом этиши ҳар икки томон учун фойдали эканлигини билдиришди.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликка доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.