Россияда қурилишлардаги чет эллик ишчилар сонини чеклаш масаласи муҳокама қилинмоқда

Жаҳон 16 Сентябрь 2015 4642

Россия Меҳнат вазирлиги мамлакат қурилиш майдонларидаги хорижлик ишчилар сонини 65 фоиздан оширмаслик таклифини билдирди. Экспертларнинг тасдиқлашича, мазкур тартиб соҳага катта зарар етказмайди.

Меҳнат вазирлиги таклифига кўра, 2016 йилдан қурилишлардаги чет эллик ишчилар улуши умумий ишчилар сонининг 65 фоизидан ортиб кетмаслиги керак. Мазкур қарор лойиҳаси regulation.gov.ru сайтига муҳокамалар учун жойлаштирилди.

Бошқа соҳаларда эса бундай чекловлар аллақачон ўрнатилган. Масалан, алькогол ва тамаки маҳсулотлар савдосида бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил этади.

Қарор лойиҳасида қайд этилишича, Россия Қурилиш вазирлиги 2016 йилда қурилишлар ҳажмининг камайиши муносабати билан ишдан бўшатилувчи Россия Федерацияси фуқаролари ҳисобига ишчилар сонини қайта тақсимлаш, хорижлик ишчилар сонини камайтириш ва қурилиш соҳасида чет эллик ишчилар улушини 65 фоиз ҳажмда белгилаш вазифаси юкланади.

“Шу билан бирга, меҳнат муҳожирларини ноқонуний равишда ёллаганлик учун Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексга жиддий жарималарни киритиш кўриб чиқилмоқда”, – дейди Ягона миграцион хизмат юристи Баҳром Исмаилов.

Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида юридик шахсларга бир ишчи учун 200 мингдан 1 млн рублгача (тахминан 3-15 минг доллар), муҳожирларнинг ўзларига эса 5-7 минг рубль (тахминан 75-105 доллар) жарима белгиланади. Мансабдор шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳам тортилиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар