“Даракчи” нашри Ўзбекистон санъати жуфтликларининг ўзига хос рейтингини тузиб чиқди. Ундан ўрин олган жуфтликларнинг асосий жиҳати шундаки, улар бир-бири билан саҳнада танишган.
Қуйида ушбу рейтингни келтириб ўтамиз:


1. Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева ҳақида сўз борганида, барчанинг кўз ўнгида Ўткир Ҳошимов асари асосида суратга олинган “Баҳор қайтмайди” видеофильмидаги Алимардон Тўраев ва Муқаддам келади.
“Бу ролни ижро этганимда 31 ёшда бўлиб, бир ўғил, бир қизнинг онаси эдим”, - дейди актриса. Бу икки санъаткор театрдаги 46 йиллик фаолияти давомида жуда кўп бор партнёр бўлишган.


2. Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов рафиқаси Тожибар Азизова билан институда бирга ўқиган. “Бир-биримизни рашк қилмаганмиз, дея олмайман. Лекин ишонч туфайли рашкка барҳам берилган. Рафиқам билан қийинчиликларни бирга енгиб ўта олдик”, - дейди актёр.

3. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Александр Бекчанов ва Ўзбекистон халқ артисти Меҳри Бекчанова 1980 йил ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқиб юрган кузлари танишишган.

“Меҳрихонни бир кўришда севиб қолганман”, - дейди Александр Бекчанов. Бу жуфтли к 1985 йили оила қурган. Улар икки фарзандга ва бир набирага бошчилик қилиб келмоқда.


4. Севинч Мўминова ва Шароф Муқимовларнинг оила қуриши эса шоу-бизнес вакиллари учун ҳам, мухлислар учун ҳам кутилмаган воқеа бўлган.
“Турмуш ўртоғим аввало юраги тоза инсон. Шунингдек, оиласи ҳам жуда намунали оилалардан. Санъаткорни фақат санъаткоргина тушуниши ва ҳис қилиши мумкин. Тўйдан олдин бир-биримизни яқиндан ўрганганмиз, ўртамизда соф ва беғубор туйғулар бор”, - дейди Севинч.


5. Шоҳида ва Маҳмуд Исмоиловлар ҳам институтда бирга таълим олишган. Улар аввалги Ёшлар, ҳозирги Ўзбек Драма театрида яқиндан танишишган. Бир неча спекталларда биргаликда роль ижро этишган. Иш баҳона муносабатлари мустаҳкамланиб борган. Маҳмуд Исмоилов дилидагини изҳор қилиши учун икки йил вақт кетган экан. Тўғридан-тўғри севги изҳор қилмай, “Онамни уйингизга совчиликка юборсам майлими?”, деган экан. Шу тариқа 1980 йилнинг 4 августида оила қуришган.


6. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Карим Мирҳодиев ва актриса Сайёра Мирҳодиева театр сабаб танишиб, севишиб оила қуришган. Йигирма олти йилдан буён бахтли ҳаёт кечириб келишмоқда.


7. Таниқли санъаткорлар Жумадулла ва Садиа Раметовлар талабалар тураржойида танишишган. Сўнг улар дўстликдан севгигача бўлган йўлни босиб ўтишган. 1981 йилнинг 23-24 октябрь кунлари улар оила қуришган.


8. Хонандалар Дилсўз ва Фаррух Раимов илк бор Навоийда ўтган мусиқа танловида учрашишган. Бироқ Дилсўз Фаррухнинг севгисига шубҳа билан қараган. Йиллар ўтиб, коллежга ўқишга киргач, самол-аликдан бошланган муносабат, дўстлик ришталари билан, сўнг муҳаббат билан мустаҳкамланиб, улар шу йили оила қуришди.


9. Севара Солиева ва Маъмур Султоновлар курсдош бўлиб, илк бор Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига имтиҳон топшириш куни кўришишган. Улар 2013 йилнинг 23 октябирида оила қуришди.