Курдистон Ишчилар партияси (КИП) жангарилари 16 сентябрга ўтар кечаси Туркия шарқида полиция зирҳланган транспортини портлатиб юборди. “Хабер Турк” телеканалининг чоршанба, 16 сентябрда маълум қилишича, ҳодиса натижасида уч нафар ҳуқуқ посбони ҳалок бўлган, бири оғир тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Босқинчилик ҳужуми Мардин провинциясидаги Сурия билан чегарадош Нусайбин уездида содир бўлган. Жангарилар полиция машинаси ўтаётган йўл қопламаси остига бекитилган портловчи ускунани масофадан туриб ишга тушириб, воқеа жойидан яширинишга улгуришган. Айни пайтда полиция босқинчиларни қидириш ва йўқ қилиш амалиётини олиб бормоқда.

Шунингдек, Сиирт провинциясида Хаккяридан шимолда ҳарбийлар билан бўлиб ўтган тўқнашувда уч нафар Курдистон Ишчилар партияси жангариси йўқ қилинган. Жангарилар қишлоқ тумани чегарасида жойлашган кичик ҳарбий базага ҳужум уюштирган. Отишма жараёнида олти жангари ўлдирилган бўлса, яна уч нафари қишлоқ яқинида йўқ қилинган.

Туркия шимоли-шарқидаги Эрзурум провинциясида эса полиция махсус қисми текшириш учун тўхташ ҳақидаги кўрсатмага амал қилмаган жангарилар билан кураш олиб борди. Натижада уч КИП жангариси отиб ўлдирилди. Уларнинг машинаси текширилганда, 8 милтиқ, тўппонча, гранатомёт, сочма ўқ отувчи милтиқ ва тўртта қўл гранатаси топилди.