Москванинг “Локомотив” клуби ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов Россия Футбол Иттифоқи тартиб-интизом қўмитаси томонидан жаримага тортилди. Бу ҳақда журналистларга қўмита бошлиғи Артур Григорьянц маълум қилган.

Маълум бўлишича, Денисовни “Рубин”га қарши ўйинда ҳакамни ҳақорат қилгани учун тартиб-интизом қўмитаси жазолади ва унга 60 минг рубллик жарима белгиланди.

Таъкидлаб ўтиш керакки, Денисов Россия чемпионати 8-тур учрашуви доирасида “Рубин”га қарши кечган ўйинда ҳакамнинг хатоси туфайли ўзгартириш амалга оширилиши натижасида вақт мезбонлар фойдасига ишлагани учун ҳакамга жиддий оҳангда эътироз билдирганди. Ўша ўйин "Рубин"нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.