Черногория парламенти икки кунлик дебатлардан сўнг мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақидаги резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжатда алянс билан интеграциянинг устунлик жиҳатлари санаб ўтилган, бироқ аъзо бўлиш қандай усулда қабул қилиниши айтилмаган — умуммиллий референдумми ёки парламентда?

Чоршанба, 16 сентябрь куни кечаси резолюцияни ёқлаб 81 депутатнинг 50 нафари овоз берган бўлса, 26 нафари қарши чиқишган, 3 депутат эса бетараф қолган. Ҳужжатни ҳукмрон коалиция — Демократлар партияси атрофида бирлашган социалист бош вазир Мило Жуканович, шунингдек, миллий озчилик партияси ва муҳолифатдаги “Ижобий Черногория” партияси қўллаб-қувватлаган.

Қабул қилинган ҳужжатда қайд этилишича, НАТО Черногория ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети, келгусидаги қонун устуворлиги ва демократия ривожи, инсон ҳуқуқлари ва озчилик ҳуқуқлари, ҳар бир фуқаро ва бутун жамият ҳаёт сифатининг яхшиланиши кафолатидир.

2006 йилда мустақиллигини қўлга киритган Черногория 2015 йил охирига қадар НАТОдан аъзолик таклифини кутмоқда. Шундай таклифни қабул қилиш учун ҳукумат дипломатик фронтда фаол иш олиб бормоқда, шунингдек, мамлакат ичкарисида ҳам НАТОга аъзоликни қўллаб-қувватловчи кампания олиб бормоқда. Бироқ ўтказилган сўровномаларда мамлакат аҳолисининг ярмидан озроғи ушбу ташаббусни ёқлаши маълум бўлди.