Чили президенти Мишель Башелет мамлакат қирғоқларида содир бўлган магнитудаси 8,3 баллни ташкил этувчи ер силкиниши ва унинг қайталаниши натижасида 3 кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлади, дея хабар бермоқда Fox News.

“Биз яна бир марта табиатнинг қаттиқ зарбасига дуч келдик. Афсуски, айни пайтда уч кишининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар олдик”, – деди президент.

Башелет тез орада табиий офатдан зарар кўрган ҳудудга жўнашини қўшимча қилди.

Шунингдек, эвакуация қилинган кишиларни мутахассислар вазиятни баҳоламагунларига қадар хавфсиз ҳудудларда кутиб туришга чақирди.

Қайд этилишича, ушбу зилзила сўнгги беш йил ичидаги энг кучлиси бўлди. Аввалроқ эса ер силкинишлари натижасида вужудга келган 4,5 метрли тўлқинлар Чили соҳилларига қадар етиб келгани хабар берилган эди.