Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига ўз номзодини илгари сурган миллиардер Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан Сурия ва Украина масаласида келиша олган бўлардим, дея ишонч билдирди. Бу ҳақда америкалик сиёсатчи CNN Америка телекомпанияси ташкил этган теледебатларнинг иккинчи раундида маълум қилди.

“Агар мен бўлганимда, улар билан умумий тил топиша олардим, – деди Трамп. – Бизда Россия ва бошқа мамлакатлар билан ҳозирги вақтда мавжуд муаммолар бўлмас эди”. У Хитой ва Мексика етакчилари билан ҳам келиша олишига ишонч билдирган.

Калифорния штати Сими-Вэли шаҳридаги Рональд Рейген президент кутубхонасида бўлиб ўтаётган теледебатларда Республикачилар партиясидан номзоди илгари сурилган 11 нафар кандидат: миллиардер Дональд Трамп, афроамерикалик нейрожарроҳ Бен Карсон, Флорида собиқ губернатори Жеб Буш, Техас штатидан сенатор Тед Круз, Висконсин штати губернатори Скотт Уокер, сенаторлар Рэнд Пол ва Марко Рубио, Нью-Жерси штати губернатори Крис Кристи, Арканзас собиқ губернатори Майк Хакаби, Огайо губернатори Жон Кейсик ва Hewlett-Packard компанияси собиқ раҳбари Карли Фиорина иштирок этмоқда.

“Мен Американи унинг ташқарисида ҳам ҳурмат қиладиган даражага етказаман. Чунки ҳозирда дунёда бизни ҳурмат қилишмайди”, – деди Трамп.

Маълумотларга кўра, айни пайтда АҚШ президентлиги учун 20 нафардан зиёд номзод кураш олиб бормоқда. Сўнгги сўровномалар натижасига кўра, Республикачилар партиядан Трамп энг катта обрўга эга бўлса, Демократлар партияси номзодлари ичида собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон етакчилик қилмоқда.