Фарғона вилояти Қўштепа тумани Қоражийда қишлоғининг уч минг фуқаросидан икки минг нафари — велосипед ҳайдовчилари ҳисобланади.

Мазкур қишлоқда вилоятдаги илк велоҳаваскорлар клуби ташкил этилган. Клуб аъзолари — 10 ёшдан 80 ёшгача бўлган кишилардир. Уларга Ўзбекистон халқ таълими аълочиси Т.Абдураимов — Фарғона водийси бўйича веломарафон ғолиби етакчилик қилади.

Қишлоқда 30 нафардан зиёд Ўзбекистон спорт усталари ва усталикка номзодлар истиқомат қилади. “Правда Восток” нашрининг хабар беришича, бу ерда мустақилликнинг 24 йиллиги муносабати билан велосипедларга техник хизмат кўрсатиш маркази очилди.

Аввалроқ мазкур вилоятнинг 65 ёшли вакили Акрам Маъруфжонов (суратда) 2018 йили Россияда ўтказилувчи футбол бўйича жаҳон чемпионатига велосипедда боришга қарор қилгани тўғрисида хабар қилинган эди. Бунга қадар у 1995 йили велосипедда Макка шаҳрига (Саудия Арабистони) ҳаж амалини бажариш учун борган эди. 2006 йил ёзида Маъруфжонов Германияга қадар велосипедда бориб, немис терма жамоаси ва Мюнхеннинг “Бавария” жамоаси дарвозабони Оливер Кан билан учрашиб, унга эсдалик совғаларини тақдим этган.