Италиянинг Magneti Marelli компанияси Формула-1 пойга болидлари учун ҳайдовчи олдидаги машина корпусига мустаҳкамланиб, унинг бош ҳаракатларини қайд этиб борувчи янги видекамерани тақдим этди.

Бундай камералар пойга ҳодисаларини ўрганишда ёрдам беради. Улар сониясига 400та кадрни суратга олиб, катта тезликда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ҳаракатларини сифатли тасвирга олиб боради, дея ёзмоқда Autosport.

Бундай камераларнинг пайдо бўлишига McLaren ҳайдовчиси Фернандо Алонсо февралдаги мавсумолди синовларида дуч келган ҳодиса сабаб бўлди. Ҳайдовчи ўшанда йўл четидаги тўсиққа урилиб, ҳушини йўқотган эди. Расмий маълумотларда аварияга кучли шамол оқими сабаб бўлгани келтирилган.

Бироқ айрим ОАВ Алонсо электр токи сабабли ҳушдан кетганини хабар қилган эди. Мазкур ҳодиса тасвирланган видеоёзувлар эса мавжуд эмас. Шундан сўнг Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) болидларга янги юқори тезликда ишловчи видеокамералар жойлаштириш ва ҳайдовчи бош ҳаракатини қайд этишни таклиф этди.