Германиянинг Гамбург шаҳри шимолида икки қаватли йўловчи поезди тўхташга улгурмасдан, ўтиш йўлида турган автобусга бориб урилди, дея хабар бермоқда International Business Times.

ОАВ маълумотларига кўра, автобуснинг 23 ёшли ҳайдовчиси бўлган қиз 60 нафар мактаб ўқувчиси кетаётган улама автобус эшикларини очиб, ўқувчиларни эвакуация қилишга улгурган.

Ҳодиса натижасида фақатгина поезднинг бир йўловчиси тан жароҳати олган. Мактаб ўқувчилари эса бошқа автобусда манзилига етказилган.

Ўқувчилардан бирининг айтишича, гарчи унинг ўзи ҳам қаттиқ қўрққан бўлса-да, ёш ҳайдовчининг ҳаракати туфайли жиддий оқибатларнинг олди олинган.

Кўрилган зарар миқдори тахминан 300 минг еврони ташкил этади.