Maserati компаниясининг дастлабки йўлтанламаслар — Levante сериясиянинг илк расмий намойиши 2016 йил Женева автосалонида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Autocar нашрига италян компанияси раҳбари Гаральд Уэстер маълум қилди.

Топ-менежер сўзларига кўра, Levante конструкциясида “Maserati`нинг юз фоизлик таркибий қисмлари” қўлланилиб, Fiat Chrysler Automobiles алянсидаги бирорта ҳам бренд деталлари ишлатилмайди. Аввалроқ эса йўлтанламаснинг Jeep Grand Cherokee базасида тайёрланиши, бироқ компания мазкур ғоядан воз кечгани тахмин қилинган эди.

Шундай қилиб, йўлтанламас 410 от кучига эга 6 цилиндрли 3 литр ҳажмга эга твин-турбо двигатели билан таъминланади.

Шунингдек, у 3,8 литр ҳажмли 580 от кучига эга V8 ёки олти цилиндрли дизель ёнилғиси билан ҳаракатланувчи 250дан 340гача от кучига эга мотор жойлаштириш учун ҳам мослаштирилиши кутилмоқда.

Уэстернинг маълум қилишича, яқин кунларда Италияда Levante серияли автомобиллар ишлаб чиқарила бошланади, сотув учун мўлжалланган маҳсулот эса 2016 йилнинг февраль ойидан дунё юзини кўради.

2017 йилда итальянлар GranTurismo`нинг навбатдаги авлоди ҳамда бутунлай янги модел – Alfieri`ни ишлаб чиқаришни режалаштирган. Компания йилига 75 мингтагача автомобиль ишлаб чиқариб, даромадини икки баробар оширмоқчи.