МСК: Қирғизистондаги сайловда бирорта ҳам партия 65тадан зиёд депутатлик мандатига эга бўлмайди

Жаҳон 17 Сентябрь 2015 1867

Қирғизистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида бирорта ҳам сиёсий партия 120 депутатлик мандатининг 65тасидан зиёдини қўлга киритмайди. Бу ҳақда ТАСС мухбирига 17 сентябрь куни республикада сайловлар ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссиясида маълум қилинган.

“Бундай чеклов мамлакат сайлов қонунчилигида белгилаб қўйилган”, – дея маълум қилинди муассасада. МСК вакилининг сўзларига кўра, бу партиялардан бирининг парламент ҳокимиятида узурпацияга йўл қўйиш имкониятини чеклаш ва мамлакатда демократияни ривожлантириш учун жорий этилди

“Мазкур норма сайловлар натижаларидан қатъи назар, ҳаттоки партиялардан бири номзодларига кўпроқ овоз берилган тақдирда ҳам, қўлланилади”, –дея ойдинлик киритди МСК вакили. Сайловлар якуни бўйича парламентдаги ўринлар партиялар ўртасида улар тўплаган овозлар сонига боғлиқ равишда пропорционал тартибда тақсимланади. Бунинг учун улардан фуқароларнинг энг камида 7 фоиз овозини олиши талаб этилади.

Қирғизистонда парламент сайловлари 2015 йил 4 октябрда бўлиб ўтади. Айни пайтда паламентдаги депутатлик ўринлари учун 14 партия кураш олиб бормоқда. Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, парламент сайловларида амалдаги президент Алмазбек Атамбаевнинг Социал-демократлар партияси, шунингдек, “Ата Мекен” социалистлари ва “Бир бол” партияси вакиллари етакчилик қилади.

Изоҳ: узурпация — ҳокимият ёки ўзгаларнинг ҳуқуқини қонунга хилоф равишда тортиб олиш.

Кўпроқ янгиликлар