Сочида бўлиб ўтаётган форум чоғида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Беларусь президенти Александр Лукашенко билан сут борасида тортишиб қолганини айтиб берди. Унинг сўзларини Tengrinews.kz сайти келтирди.

“Биз дўстимиз Александр Григорьевич билан баҳслашдик. У ўз давлатига кукун келтиради, бу кукун сув билан аралаштириб сотилади. Бу чинакам сут эмас, бу сутли ичимлик, у Ғарбда шунақа баҳоланади, лекин бизнинг сут нархида сотилади. У ҳозир мен билан қизғин баҳсга киришган бўлар эди. Лекин бу ҳақиқат”, - деди Назарбоев.

Бундан ташқари, президент табиий ва сунъий сут ишлаб чиқарувчилар ўртасида адолатли рақобатни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, у Россияни Қозоғистондан мол гўшти сотиб олишга чақирди.