Хитой АҚШ ҳудудида тезюрар поездлар ҳаракати учун мўлжалланган янги темир йўл қуришни режалаштирган. Бу ҳақда "Жэньминь жибао" хабар берган.

Хитой Коммунистик партиясининг Марказий қўмитаси қошидаги иқтисодий ва молиявий ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Шу Гоцзэннинг маълум қилишича, расмий Пекин ва Вашингтон темир йўл соҳасида қўшма корхона тузишни ҳам режалаштирган.

Маълум қилинишича, режадаги янги темир йўл АҚШнинг Лас-Вегас ва Лос-Анжелес шаҳарларини боғлаши кўзда тутилган.

Узунлиги 370 км бўлиши айтилаётган бу йўлнинг қурилиш ишлари 2016 йилнинг сентябригача битказилиши режалаштирилган.

Гонгконглик иқтисодчи Гарри Вонгнинг Рейтер нашрига билдиришича, ушбу лойиҳа учун тахминан 5 млрд доллар сарфланиши мумкин.

Маълумот учун, Хитой темир йўл соҳаси энг юқори даражада тараққий этган мамлакат ҳисобланади. Айни вақтда мамлакатдаги темир йўлларнинг умумий узунлиги 19 минг километрни ташкил қилади.