“Ўзбекэнерго” компанияси ўрта истиқболда энергия ишлаб чиқарувчи объектларни модернизация қилиш ва янгиларини қуриш бўйича 21та лойиҳани амалга оширади. Лойиҳалар дастури 2016-2022 йилларга мўлжалланган. Уларнинг умумий қиймати, 5.64 млрд долларни ташкил қилади.

Бу маълумотларни компания энергетик ривожланиш бошқармаси раҳбари Равшан Ортиқов Тошкентда бўлиб ўтаётган UzEnergoExpo-2015 халқаро кўргазмаси чоғида журналистлар билан мулоқотда келтирди.
Айтилишича, инвестицияларнинг умумий ҳажмидан хорижий киритмалар ва кредитлар 3.14 млрд долларни, Ўзбекистон қайта тикланиш ва ривожланиш фонди маблағлари 1.1 млрд долларни ташкил қилади.

Дастур 3.82 минг мВт ҳажмидаги қувват ишлаб чиқарувчи объектлар, шу жумладан, 3.7 минг мВт иссиқлик энергетикаси, 22.5 мВт гидроэнергетика, 200 мВт қуёш энергетикаси объектларини модернизация қилишни назарда тутади.