Ўзбекистонда Best Soft Challenge 2015 танлови ғолиблари эълон қилинди

Ўзбекистон 17 Сентябрь 2015 2012

Тошкент шаҳрида Best Soft Challenge 2015 республика дастурий таъминотлар танлови финалчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тақдирлаш маросими 16 сентябрь куни ICTWEEK Uzbekistan 2015 ҳафталигини ўтказиш доирасида Алоқа тарихи музейида бўлиб ўтди.

Мазкур танлов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, “Камолот” ЁИҲ, “BePro — дастурчилар маркази” МЧЖ, Тошкент шаҳридаги Инза университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ва “Samsung Electronics” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Танлов уч босқичда ўтказилди. Биринчи босқич (2015 йил 14 майдан 20 августгача)да иштирокчилар — 25 ёшгача бўлган дастурчиларни рўйхатга олиш ишлари олиб борилди. Танловда иштирок этиш учун 200 дан зиёд талабнома келиб тушган. Иккинчи босқичда эса (2015 йил 20 августдан 3 сентябргача) республика финалида иштирок этишга муносиб деб топилган лойиҳалар сараланди. Ниҳоят, учинчи босқичда (2015 йилнинг 7 сентябридан 11 сентябригача) уч номинацияда ғолиблар саралаб олинди.

Унга кўра:
“Электрон коммерциядаги энг яхши маҳсулот” (персонал компьютер, мобил телефон ҳамда веб-ишланма маҳсулоти) номинациясида — Қосимов Фарҳод ва Пацулевич Юлия. Улар оригинал уч ўлчамли муҳитда чўкиш эффекти билан 3D-видеороликлар томошаси учун иловани тақдим этишди;

“Таълим соҳасидаги энг яхши лойиҳа” (персонал компьютер, мобил телефон ҳамда веб-ишланма маҳсулоти) номинациясида — Давронбеков Отабек математика бўйича билимларни эгаллаш ва уларни синаш учун ишлаб чиқилган “MaTH EquationS” тизими учун ғолиб деб топилди;

«Компьютер, браузер ҳамда мобил ўйин ишланмаси» номинациясида — Султонов Шоҳжаҳон “Varrakchi bolakay” миллий ўйинини ишлаб чиқиб энг юқори натижага лойиқ деб топилди.

Ҳар бир номинация ғолибига 10 млн сўм пул мукофоти тақдим этилди.

Кўпроқ янгиликлар