Ўзнефтмаҳсулот: шов-шувларга инонманг!

Ўзбекистон 17 Сентябрь 2015 11464

Ўзбекистонда ёнилғи маҳсулотлари таъминотида узилишлар келиб чиқмайди. Бу борадаги баёнот “Ўзнефтмаҳсулот” АК сайтида жойлаштирилди.
Охирги кунларда кўплаб ёқилғи қуйиш шохобчаларида маҳсулот камлиги айтилган ҳолда автобензин нархи ошмоқда, шохобчалар олдида машиналарнинг узун навбатлари ҳосил бўлмоқда.

Компания бу “ноқулайлик”лар тезда бартараф қилиниши учун барча чоралар кўрилаётганини эътироф этиб, аҳолини “шов-шувларларга инонмаслик”ка чақирди.
Бундан ташқари, компания мутасаддиларининг ишонишича, бундай ҳолатларга “айрим шов-шув ишқибозлари” айбдор: “Аввал хабар қилганимиздек, сўнгги кунларда республикамизнинг айрим ҳудудларидаги, шу жумладан Тошкент шаҳридаги баъзи АЁҚШларда автобензинга бўлган навбат кўпайиб, аҳолига муайян даражада ноқулайлик туғдирмоқда ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Таҳлилларимизга кўра бундай ҳолатга айрим шов-шув ишқибозларининг “Ёнилғи ишлаб чиқариш камайиб кетганлиги сабабли, автобензин тақчиллиги юзага келиб, унинг нархи ошар экан” – деган уйдирмаларига ишонган баъзи ҳамюртларимизнинг автобензинни мумкин қадар кўпроқ заҳира қилиб олишга ҳаракат қилаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда”.
Ҳужжатнинг давомида яна бир бор “муаммо йўқ”лиги таъкидлаб ўтилди:

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси Сизларни тўлиқ ишонтириб таъкидлайдики, мамлакатимизда автобензин ва бошқа ЁММлар таъминоти бўйича муаммо йўқ, бўлмайди ҳам. Чунки, Республикамизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. Нефть хомашёси нафақат мамлакатимиз ички эҳтиёжини қондириш учун, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилиб, қайта ишланмоқда.


Айни кунларда юзага келган мазкур муаммони зудлик билан ҳал этиш, камчиликларни бартараф этиш, аҳолини автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва вазият тез фурсатда ўнгланади”, - дейилда баёнотда.

“Шуларни эътиборга олиб, қадрли ҳамюртлар, Сизлардан хавотирга берилмасликни ва ёнилғи нархининг ошиши ҳақидаги турли шов-шувларга ишонмасликни ҳамда хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига зид равишда хонадонингизда ёки мосланмаган бирон жойда автобензинни тўплаб, хонадонингиз, оила аъзоларингизни хавф-хатарга қўйманг!

Сизларни яна бир бор табриклаб, ёнилғи таъминотида узилиш бўлмаслигига ишонтирамиз ва Сизлардан турли шов-шувларга инонмасликни сўраймиз!”, - деб хулоса қилинади матнда.

Кўпроқ янгиликлар