Олий лиганинг 21-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Локомотив" учрашувидан кейин рақиб жамоа бош мураббийи "Пахтакор"ни чемпионлик билан табриклаганди. Шундан сўнг, "Пахтакор" жамоаси бунга ўз расмий сайтида муносабат билдирган.

"Пахтакор"нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган беллашувдан сўнг "Локомотив" бош мураббийи матбуот анжуманида "Пахтакор"ни муддатидан олдин чемпионлик билан табриклади. Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда ҳам у чемпионат тугашига 4 тур қолганда жамоамиз ўзаро баҳсда 3:1 ҳисобида зафар қучгач, рақиб устози "Пахтакор"ни чемпионлик билан табриклаганди.

Биз бу сафар ҳам унинг башорати амалга ошишини хоҳлаймиз. У жамоамиз ғалабаларини олдиндан айтиб берувчи тимсолга айланиб бормоқда. Биз яна бир бор савиямизни намойиш қилиб, шонли ва ғалабали анъанамизни давом эттиришга ҳаракат қиламиз.

Рақиб жамоа мураббийига эса фаолиятини давом эттирган тақдирда у бошқарадиган ҳар бир жамоасига "Пахтакор" каби нафақат 90 дақиқа, балки қўшимча дақиқаларда ҳам курашиш хислатини тилаб қоламиз. Фақат шундагина натижага эришиш мумкин", дейилади "Пахтакор" жамоаси номидан.