Ўзбекистоннинг Ucell мобил оператори TeliaSonera Швеция-Финляндия телекоммуникацион гуруҳининг “Евросиё” зонасини тарк этиши борасидаги ахбороти муносабати билан ўз баёнотини тарқатди. Таҳририятга келиб тушган баёнотда таъкидланишича, компания Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини эски тартибда давом эттираверади.

Эслатиб ўтамиз, бугун TeliaSonera компанияси президенти Йохан Деннелинд гуруҳнинг“Евросиё” минтақасидаги, шу жумладан, Ўзбекистондаги фаолияти секин-аста тўхтатилиши ҳақида ахборот берди.

Компаниянинг манфаат доирасидаги “Евросиё” минтақасига, Ўзбекистодан ташқари, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова, Грузия ва Непал киради.

«Биз бу жараённи бир бозордан иккинчи бозорга ўтказиб борамиз, чунки ҳар бир мамлакатда ва ҳар бир компанияда ўзига хос вазият, аммо бизнинг вазифамиз охир-оқибат бутун минтақани тарк этишдир”, — деди компания раҳбари.

Kun.uz компания вакили билан боғланганида, у TeliaSonera’нинг Ўзбекистон бозоридан чиқиб кетиши ҳақида ҳеч қандай аниқ маълумотлар йўқлигини, бу жараён қачон ва қандай тартибда амалга оширилиши ноаниқлигини, бундан масалалар энди ишлаб чиқилишини айтди.

“Ucell компанияси ўз мижозлари ва ҳамкорларини ишонтириб айтадики, компаниянинг бизнес ҳаёти бугунги кунда мутлақо ўзгармайди. Ucell мижозлари барча йўналишлар бўйича худди ҳозиргидек узлуксиз сервисга эга бўлади”, - дейилади компания баёнотида.

Жорий йилнинг июнь ойида TeliaSonera’га акцияларининг асосий қисми тегишли бўлган Ucell компанияси 7 йиллигини нишонлади. Айни пайтда унинг абонентлари миқдори 8.5 млн кишини ташкил қилади. Мамлакат бўйлаб компаниянинг 22 офиси жойлашган, дилерлик тармоқлари 2 300дан ортиқ савдо пунктларини ўз ичига олади.